Ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмалар бузилди Амалдаги тартибга кўра, ноқонуний қурилма белгиланган ўлчамдан четга чиққанлиги сабабли қурилиш нормаларига зид бўлади. Қолаверса, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келади. Айнан мана шу борада суднинг қарори билан чиқарилган ўзбошимчалик билан қурилган бино, иншоотлар, деворлар ёки қурилмаларни бузиш юзасидан Бюро органлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган туманида ташкил этилган Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилаётган тадбирларда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар мажбурий тартибда буздирилмоқда. Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра даъвогор кадастр агентлиги Наманган вилоят бошқармаси манфаатига жавобгар Б.Давроновга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган 40 кв.м майдонга қурилган савдо бино-иншоотларни буздириш кўрсатиб ўтилган. Мазкур ҳужжат Бюронинг Наманган туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда давлат ижрочиси томонидан иш қўзғатилган. Қарздорга ихтиёрий муддат берилган. Бироқ, турли баҳоналарни рўкач қилиб, ўзбошимчалик билан қурилган иншоотни бузмаган. Шу боис, ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида мажбурий ижро ҳаракатлари белгиланди ва ноқунуний деб топилган бино-иншоот буздирилди. Шунингдек, олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида яна “Қоракўл балиқчилиги” фермер хўжалик томонидан қурилган иншоот, Хонобод массивида жойлашган дала шийпондаги бино, Урганжи маҳалласидаги ноқонуний қурилмалар Ишчи гуруҳ томонидан мажбурий тартибда буздириб ташланди. Бу каби тадбирлар давом этмоқда.